Сарагини пучагидан ажратиш

Интернетда, террорчилик ва бошқа бузғунчиликларни тарғиб қилувчи веб сайтлар, ижтимоий тармоқдаги гуруҳлар сони кун сайин кўпаймоқда. Бу ҳолат дунёқараши шаклланмаган ва ғўр ёшларнинг соғлом эътиқодини, онгу шуурини заҳарламоқда.
Ғаламисларнинг интернет орқали хужумлари асосан ёшларга қаратилган бўлиб, улар ўсмирлар учун қизиқарли бўлган воситалардан усталик билан фойдаланишмоқда. Жумладан, ёшларнинг қизиқишига қараб уларни турли видеолавҳалар ва фотосуратларни томоша қилишга жалб этиш орқали ёки ташқи кўринишидан гўёки ўйин, техника, спортга доир бўлса-да, лекин ички сахифаларида фақат бузғунчиликни сингдирувчи веб-журналларни тақдим этмоқда.
Турли алдамчи маълумотлар кўпайган бир вақтда тўғри ва ҳаққоний ахборотни ажратиш йўлларини билиш лозим. Жумладан, бундай шароитда аждодлар тутган йўлни танлаш керак. Имом Бухорий ҳазратлари хадисларнинг саҳиҳ, заиф ва тўқималарини ажратишда жуда моҳир бўлганлар.
Ривоят қилинишича, Имом Бухорий бир хадиснинг ровийсини қидириб, топадилар. Лекин ровий бир хайвонни қуруқ қўл билан алдаб, кўрага олиб кираётганини кўриб, суҳбатлашмасдан қайтадилар. Яна бошқа ривоятда айтилишича, бир ровий олди тарафига туфлагани сабабли, ундан ҳам ҳадис ривоят қилмаганлар.

Мана, аждодларимиз қандай йўл тутишган? Улар ислом динига хос бўлмаган маълумотлар у ёқда турсин, ҳатто мусулмонга ярашмаган бир сифат эгасидан ҳам маълумот олишмаган. Уларнинг динимизга тегишли масалалар борасида нақадар эҳтиёткор бўлишганини юқорида келтирилган мисолдан ҳам кўриш мумкин.
Афсуски, интернет тармоғида қора қузғун каби ўрнашиб, юртимиз ютуқларини кўра оламаётган ёвуз кучларнинг носоғлом, бўҳтон ва ғийбат билан тўлиб-тошган маълумотларини айрим ёшлар ўқиб, баъзан уларга ҳамфикр бўлиб, адашиб кетаётганлари ачинарли ҳолатдир.
Баъзилар маълумотларни сараламасдан, дуч келган ахборотни тўғри деб қабул қилишмоқда. Аслида эса инсон ўзида яхши маълумотларни олиш ва эшитиш, зарарсиз ахборотларни қабул қилиш кўникмасини шакиллантириши лозим.
(Манбаалар асосида)

Андижон “Саййид Муҳйиддин Махдум”
ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Алихонов Абдумажид

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *