Шиори ялтироқ, иши қалтироқ

“Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи Сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги “иймони”га Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳоланки, ўзи (Исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир (Бақара, 204)”
ИШИДчилар «салафийлик» ғояларини шиор қилиб олган, Бу нарса уларнинг қонли фаолиятидан ташқари, исломий тушунча ва ақидаларга ғаразли муносабатларида ҳам очиқ-ойдин кўринади. Ташкилот аъзоларидан бири Абу Туроб Мақдисий сўзларига кўра, ИШИД Макка шаҳри, ҳусусан, Каъбани вайрон этишдек мусулмонлар нафратини қўзғайдиган қабих, таги пуч режа ҳам тузган. Чунки унинг фикрича, одамлар Каъбага Аллох учун эмас, қора тошга сиғиниш учун борар экан. Ана шу дунёқарашнинг ўзиёқ уларнинг асл мақсадлари, йўллари қандай эканини кўрсатиб турибди, “Биз Ислом учун жанг қиляпмиз, биз жиҳодчилармиз” дея даъво қилаётган бу жангарилар ҳар куни минглаб бегуноҳ мусулмонларнинг ёстиғини қуритиб, болалар, аёллар ва ҳаттоки, қарияларни ҳам ўлдиряпти.
ИШИД ўз ғояларига эргашмаган инсонларни қатл этмоқда, аҳоли гавжум жойларда ўзини портлатиб, худкушлик амалиётлари ўтказишга одамларни мажбур қилмокда. Биргина 2013 йилда ИШИД Ироқ ҳудудида 10 мингдан зиёд террорчилик харакатларини содир этиб, худкуш террорчилар эса, 80 га яқин портлатишни амалга оширган.
Бугунги кунга келиб, ИШИД энг хатарли террорчи гуруҳлардан бирига айланди. Унинг таркибида юз мингга яқин жангари бўлиб, уларнинг аксариятини хорижликлар ташкил этади.
Дунёдаги бирорта уламо бу “давлат”ни тан олмади. 2014 йил сентябрь ойида дунёга машҳур 126 нафар уламо қўпорувчи ташкилот бошчисига Очиқ хат ёзди. Унда ИШИДчилар амалга ошираётган харакатлари Қуръон ва ҳадисга тамоман зид экани айтилиб, инсонийликдан йироқ, манфур жиноятлари қораланди.
ИШИДнинг келажаги йўқлиги аниқ. Унинг фаолиятига эртами-индин барибир чек қўйилади. Бироқ ғаламисларнинг ғоялари унга эргашган ёшлар орқали худди вирус сингари тарқамоқда. Бу эса катта йўқотишлар ва оғир вазиятларга олиб боради. Масалан, Ироқ ва Сурия ҳудудидаги уруш кенг миқёсдаги талофатларга, барқарорликнинг издан чиқишига сабаб бўлди. Вайрон бўлган шаҳар-қишлоқлар, корхоналарни тиклаш учун жуда катта маблағ зарур. Энг ёмони, уруш сабабли дунёдан кўз юмган минглаб одамларни энди ҳаётга қайтариб бўлмайди. Бу –ИШИД фаолият олиб-бораётган мамлакатлардаги ҳолат.
Салбий таъсир шу ҳудуд билангина чекланиб қолмайди. Хориждан келиб, урушга қўшилган қанчадан-қанча ғўр ёшлар шу ерда ҳаёт билан видолашди. Омон қолганлари эса эртага юртига қайтиб боргач, қўпорувчи ғоялар манбаига айланади. Ўз мамлакатларида ҳам бузғунчилик кайфиятида яшайди. Айримлари амалий фаолиятга ҳам киришади. Бундай террорчилик ташкилотлари бутун бошли мамлакатлар учун каттагина муаммога айланди, тинчлик ва барқарорликка хавф солмоқда.

ИШИД фитнаси китобидаги маьлумотлар асосида

Андижон “Саййид Муҳйиддин Махдум”
ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Алихонов Абдумажид

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *